Миллатимизнинг азалий қадрияти бўлган кураш Мустақиллик шарофати ва Муҳтарам Президентимизнинг бевосита қўллаб–қувватлашлари туфайли жаҳон спортига айланди. Курашимиз эндиликда дунёнинг 5 қитъасининг 117 давлатида ривожланмоқда. Шу йиллар ичида кўплаб қитъавий чемпионатлар, халқаро турнирлар билан бир қаторда 6 карра Жаҳон чемпионати ўтказилди. Юртимизда ўтадиган халқаро турнирлар курашимизнинг халқаро майдонда шиддат билан ривожланишига тамал тошини қўйган ва қўйиб келмоқда. Айниқса курашимизнинг биринчи кунлариданоқ аждодларимиз, буюк боболаримиз номини абадийлаштириш, улар хотирасини тиклаш мақсадида ташкил этилган икки турнир: Шаҳрисабз шаҳрида ҳар 4 йилда бир маротаба ўтадиган Амир Темур ва ҳар икки йилда ўтказиладиган Ал Хаким ат Термизий хотира турнирлари кураш тарихига тамал тошларини қўйди. Бу турнирлар ғолибларига Ўзбекистон Президенти соврини берилиши эса кураш миллат фахри эканлигини яна бир бор исботлади.
Шу йилнинг 10-12 апрель кунлари Термиз шаҳрида якунланган Ал Хаким ат Термизий хотирасига бағишланган Ўзбекистон Президенти соврини учун ўтказилган халқаро турнир яна дунё полвонларини ўзида жамлади. Турнир гиламига 60, 66, 73, 81, 90 ва мутлоқ вазн тоифасидаги полвонлар чиқдилар. Турнирдан асосий мақсад миллий спортимиз бўлган курашни Республикамизда ва дунёда ривожлантириш, халқаро дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналар ва қадриятларимиз негизида ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, курашимизни халқаро майдондаги нуфузини ошириш, ўзбек спорти курашни Олимпиада ўйинлари дастурига киритиш жараёнини тезлаштириш,мамлакатимиз спорт салоҳиятини намойиш этиш ва буюк аллома Ал Хаким ат Термизий хотирасини абадийлаштириш бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 30 мартдаги 07/11-34 чи мажлис баёнига асосан турнирга тайёргарлик ишлари юқори савияда ташкил этилди. Айниқса, Сурхондарё вилоят хокимлиги томонидан олиб борилган ишлар таҳсинга сазовор бўлди. “ Алпомиш “ стадиони ҳақиқий кураш байрами ўтадиган масканга айлантирилди.
Турнирга ташрифлар 4 апрел кунидан бошланди. Биринчилар қаторида кураш ватанига Америка қўшма штатлари , Эрон давлати вакиллари ташриф буюрдилар. Дунёнинг жами 28 мамлакати вакиллари Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги, КХА, Ўзбекистон кураш миллий федерацияси ва ОАВ томонидан тантанали кутиб олиндилар. Турнир шуниси билан ҳам аҳамиятли бўлдики, унда халқаро спорт оламида юқори нуфузга эга бўлган кишилар Халқаро Олимпия қўмитаси аъзоси, Африка Миллий Олимпия қўмиталари Ассоциацияси Президенти Ласанно Паленфо, Халқаро Олимпия қўмитаси аъзоси, 3 карра Олимпия чемпиони, 10 карра жаҳон рекордчиси Ирина Шевинскалар ҳам иштирок этиб, миллий спортимиз жозибасига гувоҳ бўлдилар. АҚШ, Польша, Греция, Буюк Британия, Янги Зеландия, Туркия,Ж.Корея,Эрон,Тожикистон,Франция, Марокко, Бразилия, Ҳиндистон, Ироқ , Италия, Туркманистон, Қозоғистон, Афғонистон, Греция, Марокко, Кот Дэуар, Мозамбик, Япония, Грузия давлати вакиллари Термиз шаҳрида ҳақиқий кураш байрами иштирокчиси бўлдилар.
10 апрел куни байрамона безатилган Термиз аэропортида меҳмонлар Вилоят ҳокимлиги бошчилигида тантанали кутиб олиндилар. 11 апрел эрта тонггини хорижий меҳмонлар, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган полвонлар ва Сурхон аҳли бобомиз Ал Хаким ат Термизий мақбарасини зиёратидан бошладилар. Шу ерни ўзида барча зиёратчилар учун ўзбекона ош тортилди. Урф одатимизга кўра бобомиз руҳларига қуръон тиловат қилинди. Сўнгра вилоят ҳокимлиги биносида “Ал Хаким ат – Термизий ҳаёти ва мероси, “Ўзбек кураши тарихи, тараққиёти ва истиқболлари” номли халқаро илмий конфренция ўз ишини бошлади. Конфренция ишини бошқарган вилоят ҳокими Т.Жўраев конфренцияни очиб берар экан, бугун Ал Хаким ат Термизий номи билан ўтадиган халқаро турнирга илмий даражада асос солинмоқда деди. Унда сўзга чиққан Халқаро Олимпия қўмитаси аъзоси, Африка Миллий Олимпия қўмиталари Ассоциацияси Президенти Ласанно Паленфо жаноблари курашни қисқа вақт ичида бундай ривожланиши ўзбек халқининг катта ютуғи эканлигини ва у ҳозир Африка қитъасида ҳам севиб ўрганилаётганини, у нафақат жисмоний бақувватлик балки халқнинг маънавияти эканлигига гувоҳ бўлиб турганини таъкидлар экан, ҳар бир ўзбек кишисини орзуси курашни Олимпиада ўйинларида кўриш эканлигини яхши билган ҳолда уни ушбу ўйинларга киритишда ёрдам беражагини айтиб ўтди. Муҳтарама Швинцкая хоним ҳам бундай юқори даражада ташкил этилган анжуманда иштирок этишда мамнун эканлигини изҳор этиб, кураш Олимпиада ўйинларига киришга лойиқ спорт эканлигини ва қўлидан келганича бунга харакат этишини билдирди. Конфренцияда КХА Президенти К.Юсупов,Ўзбекистон Кураш Федерацияси Президенти А.Орипов, КХА нинг спорт директори Эл Араб Эл Жамали, қитъавий конфедерация Президентилари Йохан Бошофф, Томас Дункер, Халқаро спорт ташкилотлари билан алоқалар директори М.Бигошевский, хорижий кураш федерациялар президентлари ва вакиллари ҳамда Маданият ва спорт вазири ўринбосари Э.Кутибоев ва маҳаллий университет профессор ўқитувчилари ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Куннинг иккинчи ярмидан эса кураш мусобақалари бошлаб юборилди. “Алпомиш” стадиони 15 мингга яқин мухлислар билан тўлиб тошди. Кураш гиламига 66,73,81,90 кг вазндаги полвонлар чиқдилар. 150 яқин иштирокчини жамлаган муросасиз беллашувлар натижасида қуйидагилар ўз вазнларида ғолибликни қўлга киритдилар:
66 кгда 1 ўрин Туркиялик Омар Демирчига, 2 ўрин-Тошкент шаҳридан Олим Равшановга, 3 ўринлар эса -Самарқандлик Сухроб Худойбердиев, Туркманистонлик Муҳамад Темировга насиб қилди.
73 кг вазндаги баҳсларда :
1 . Ўктам Бобоев ( Бухоро вилояти)
2. Юнус Вализода ( Эрон)
3. Али Фарзани (Эрон)
3. Элёр Шерназаров ( Самарқанд вилояти) ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлсалар,
81 кгда ва 90 кг вазнлардаги натижалар қуйидагича бўлди:
81 кг-1. Бобомурод Рустамов (Сурхондарё вил), 2. Нурали Ялкаров (Туркманистон), 3. Шароф Холмаматов (Сурхондарё вил), 3. Мухсин Бахшайи ( Эрон).
90 кг- 1- Абдулла Холиёров (Сурхондарё вил), 2- Миндия Бадавилий (Грузия) , 3-Шерали Жўраев (Тошкент шаҳри) , 3-Носир Акбарий (Эрон)
12 апрел куни эса стадионда тўпланган мухлислар сони рекорд даражага етди. 20 мингга яқин кураш ишқибозлари бугунги 60 ва мутлоқ вазн тоифасида ўтказиладиган кураш мусобақаларига гувоҳ бўлиш учун йиғилдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, стадионга кира олмаган яна бир неча минг мухлис ўйингоҳ атрофидаги бинолар устидан туриб кураш мусобақаларини кўришга харакат қилдилар. Бу ҳам Сурхон диёри ҳақиқий полвонлар, Алпомишлар юрти эканлигининг исботидир.
60 кгдаги баҳслар якунларига кўра : 1 ўрин-Бухоролик Ришод Собировга, 2-Эронлик Муҳаммад Молванга, 3 ўринлар эса - Баҳриддин Исмоиловга (Қорақалпоғистон) ҳамда Туркманистонлик Салоҳиддин Фозиловга насиб қилди.
Ўзбекистон Президенти соврини учун ўтказилган мутлоқ вазн тоифасидаги баҳслар муросасизлиги билан ажралиб турди. Гиламга чиққан ҳар бир полвон Президент совринини қўлга киритиш учун бутун куч-ғайратини ишга солди. Павел Малованец ( Польша), Рафаэл До Силва (Бразилия) каби хорижий полвонлар ва Абдулла Тангриев, Давлат Чориев, Ўткир Қурбонов сингари ўзбек полвонлари ҳақиқий полвонларга хос кураш олиб бордилар. Бу гал ҳам бу вазн тоифасида Сурхон ўғлони Абдулла Тангриевга тенг келадиган полвон топилмади. У Президент соврини 10 минг АҚШ доллари билан мукофотланди. Шундай қилиб, 1 ўрин- Абдулла Тангриевга, 2. Рафаэл До Силвага, 3-Павел Малованец, 3-Ўткир Қурбонов га насиб этди . Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, вилоят хокимлиги ташаббуси билан 4 ва 5 ўрин соҳиблари ҳам қимматбоҳо совғалар билан тақдирландилар.
Шундай қилиб, 9 бор ташкил этилган турнир ўз ниҳоясига етди. |